Адлия вазирлиги ҳоким қарорларини электрон қабул қилиш тизимини ишга туширди: Қашқадарёда вилоят ҳокимининг биринчи электрон қарори қабул қилинди

0
73

Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг шаклланишида қонунчиликнинг мақбуллиги, мукаммаллиги, ошкоралиги, халқчиллиги ва самарадорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, маҳаллий норма ижодкорлиги жараёнини янада такомиллаштириш, ушбу соҳага замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиниши бугунги кундаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда жорий йил 14 апрель куни қабул қилинган Ҳукумат қарори (218-сон) билан ҳокимлар қарорларини қабул қилиш жараёнини бутунлай электрон шаклда амалга оширилишини назарда тутувчи “E-qaror” электрон тизимини ишга тушириш белгиланди.

Ҳукуматнинг мазкур қарори ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан ҳоким қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш
ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон “E-qaror” тизими ишлаб чиқилди.

Тизим нималар беради?

Биринчидан, қонунийлик ва қонун устуворлиги таъминланади. Тизимга ҳоким томонидан қабул қилиниши мумкин бўлган барча қарорлар таҳлил қилиниб, ҳокимнинг барча манфаатдор вазирлик ва идоралардан турли экспертизалардан ўтказилган 100 га яқин намунавий қарор лойиҳалари киритилган. Бу ҳоким қарорини ишлаб чиқувчиларга қулайлик туғдириб, қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олади. Шунингдек, ҳоким қарор лойиҳаларини ишлаб чиқишдан бошлаб қабул қилишгача бўлган барча жараёнлар адлия органлари томонидан мониторинг қилиб борилади.

Иккинчидан, ҳокимлар фаолиятида шаффофлик кучайтирилади.

“E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилинган ҳар бир қарорларга
e-qaror.gov.uz сайтида такрорланмайдиган махсус рақам берилади
ва автоматик тарзда эълон қилинади, ушбу қарорлар билан барча фуқаролар
ва ОАВ вакиллари, кенг жамоатчилик танишиш имконияти мавжуд. Бу эса
ўз навбатида ҳокимликнинг норма ижодкорлиги жараёни устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга, мавжуд қонун бузилишларга тезкор муносабат билдириш имкониятини беради.

Учинчидан, соҳага ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади.

Ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг электрон тизим орқали амалга оширилиши, меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Яъни қарорларни келишиш, уларни рўйхатга олиш, рақамлаш барчаси электрон амалга оширилади.

Шунингдек, ҳокимларнинг “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилинадиган қарорлари автоматик равишда мазкур ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида ва Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ахборот тизими – «LexUZ»да эълон қилиб борилади.

Тўртинчидан, фуқароларнинг жамоатчилик назоратидаги ўрни ва роли ошади.

“E-qaror” электрон тизимини республикамизнинг барча ҳокимликларида жорий этиш орқали фуқароларимизнинг маҳаллий норма ижодкорлиги жараёнида фаол иштироки таъминланади, ҳокимликлар томонидан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари поймол бўлиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар ўрнатилишининг олдини олиш юзасидан муносабат билдириш имконини яратади.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги томонидан “E-qaror” электрон тизимидан ташқари қабул қилинадиган ҳокимлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда бундай қарорларни амалга киритган мансабдор шахсларга жавобгарликни белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

“E-qaror” электрон тизими 2021 йил январь-май ойларида Қашқадарё вилоятида эксперимент тариқасида синовдан ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 18 феврал куни Ўзбекистон тарихида илк бор маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори “E-qaror” ягона электрон тизими орқали қабул қилинди.

Эксперимент доирасида аниқланган камчилик ва муаммолар бартараф этилиб, тизимнинг 2021 йил 1 июлдан республикадаги барча ҳокимликлар фаолиятига жорий этилиши назарда тутилган.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь