Аҳолининг заиф қатламлари вакиллари коронавирусга қарши бепул эмланиши мумкин.
Бу ҳақда кеча, 15 февраль куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинган.
Йиғилишда Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналарни ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишларини бошлаш ва ташкиллаштириш чоралари муҳокама қилинган.
“Ўзбекистонда биринчи навбатда ёши катта, сурункали касаллиги бор, фуқароларга биринчи хизмат кўрсатувчи соҳа ходимларини (шифокор, ўқитувчи, ИИО ходимлари ва ҳоказо) жорий йил охиригича коронавирусга қарши вакцина билан тўлиқ эмлаш режалаштирилган. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга мухтож, ёши катта ва аҳолини бошқа заиф қатламлари вакилларини вакцина билан эмлаш бепул тарзда яъни бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилмоқда”, — дея хабар бермоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев.
Шунингдек, махсус комиссия томонидан аҳолини вакцина билан эмлашга кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида тез кунларда Қонунчилик палатасида депутатларга алоҳида ахборот бериши кутилмоқда.