Кеча, аккредитациядан ўтмоқчи бўлган польшалик журналистга Ўзбекистон ТИВ ходими шилқимлик қилгани ҳақида хабар бергандик.
Танзила Нарбаева ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдирди. Унинг таъкидича, журналист Агнешка Пикуличка-Вильчевска билан содир бўлган воқеа Ўзбекистонда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам мутлақо қабул қилиниши мумкин бўлмаган ҳолат. Ўзбекистон инсон шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилишнинг ҳар қандай шаклига асло тоқат қилмаслик сиёсатига амал қилади.
У Агнешканинг ушбу ҳолатни айтиб мардлиги ва бефарқ эмаслигини намойиш этганини олқишлаган.
“Албатта, ушбу ҳодиса пухта ўрганилиб, таҳлил қилинади, тегишли чоралар кўрилади ва айбдорлар жазоланади. Аммо, у республикада амалга оширилаётган барча улкан ислоҳотларга соя солмаслиги лозим. Ўзбекистон демократик давлат ва эркин фуқаролик жамият барпо этиш йўлини танлади ва шу йўлдан қатъият билан қадам ташлашда давом этади”, деб ёзади Сенат раиси.
Журналист Twitter’даги саҳифасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг Рустам исмли ходими унга яқин муносабат ўрнатиш таклифи билан СМС хабарлар юборгани, ҳатто уни ўпишга уринганини маълум қилгач, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам муносабат билдириб, “унинг шикояти бизда жуда жиддий хавотир уйғотди”, деганди.