Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти судининг тегишли ҳукми билан фуқаролар Х. Абдуллаев ва Б. Давлатовлар (исм-фамиялиялари ўзгартирилган)га тегишли бўлган қалбаки катта миқдордаги АҚШ доллари тегишли тартибда йўқ қилинди. Бу ҳақда Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Бахтиёр Мамадаминов маълум қилди.
Аниқланишича, Х. Абдуллаев 2020 йил 1 октябрь куни ўзининг жиноий шериги Б. Давлатов билан Ж. Юлдашевга ўзларининг жиноий ҳаракатларини айтмасдан, унинг бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинасида Фарғона шаҳрига боришади.
Улар у ерда дастлабки терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган “Жафар” исмли одамдан $8 минг эвазига қалбаки 200 дона 100 АҚШ долларлик купюрадаги жами $20 минг миқдоридаги пулларни сотиб олади ва ушбу қалбаки пулларни “Нексия”нинг орқа салони том қисмига яшириб қўяди.
Улар Бекобод шаҳридан Сирдарё вилояти Ширин шаҳри йўналиши бўйича ҳаракатланиб келишаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари томонидан фош этилган.
Суд Х. Абдуллаев ва Б. Давлатовларни ЖКнинг 25, 176-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига 4 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.