Омбудсман: собиқ ИИВ ходимаси 8 йилдан сўнг лавозимига тикланди

0
49

Хуршида Жалилова 2020 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) га мурожаат қилиб, ноҳақ ишдан бўшатилганини билдирган эди.

Мурожаатда таъкидланишича, Х.Жалилова 2000-2012 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида турли лавозимларда ишлаб келган. Бироқ 2012 йилда ўтказилган хизмат текширувида унинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансуб эмаслиги хулоса қилиниб ишдан бўшатилган. Шундан сўнг, Х.Жалилова 8 йил мобайнида ишга тикланиш бўйича кўплаб давлат идораларига қайта ва қайта мурожаат қилади. Узоқ уринишлар натижасида 2020 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажримига мувофиқ, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган хизмат текшируви ғайриқонуний деб топилиб, Х.Жалиловани Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси тергов бўлими катта терговчиси лавозимига тикланиши белгиланди.

Лекин Олий суд қарорининг ижроси ўз вақтида таъминланмади. Шундан сўнг, собиқ ИИВ ходимаси Омбудсманга мурожаат қилади. Вакил томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланишича, Олий суд қарори даъвогарнинг Қирғизистон Республикасида фуқаролиги бор ёки йўқлиги аниқланаётгани важи билан ижро қилинмаган. Масалани ҳал этиш мақсадида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Қирғизистон Омбудсменига мурожаат қилиб, Х.Жалилованинг фуқаролигига аниқлик киритди. Шундан сўнг, тўпланган маълумотлар асосида ишга тиклаш бўйича вакил хулосаси Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига юборилди.

Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 8 январдаги жавоб хатига мувофиқ, Х.Жалилова бор махсус унвони билан ИИВ кадрлар сафига қўшилиб, орадаги узилиш даврини хизмат муддатига қўшган ҳолда хизматга тикланган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари

бўйича вакили (омбудсман)

матбуот хизмати

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь