Тошкентда кино ҳафталиги давом этмоқда… Ҳафталикнинг учинчи куни “Мен террорчи эмасман” фильми ижодкорлари билан давра суҳбати ташкил этилди. Унда фильмнинг ижодий жамоаси, “Ўзбеккино” МА раҳбарияти, ёш киноижодкорлар, киношунослар, режиссёрлар, соҳа вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этишди.
Давра суҳбатида ижодий гуруҳ фильмнинг суратга олиш жараёнлари, съёмка вақтида юзага келган қийинчиликлар, тасвирга олиш объектлари, реквизитлар, ижодий жамоанинг меҳнати ҳақида батафсил гапириб беришди. “Мен террорчи эмасман” фильми жамоаси картинада томошабинга фильм орқали нимани тарғиб қилишни истаган бўлса, улар бунинг уддасидан чиқишганини алоҳида таъкидлашди. Айниқса, фильмда операторлик иши, костюмер ва гримёрнинг маҳорати сабаб ҳақиқий террорчилар яшайдиган муҳит очиб берилган.
- Фильмнинг суратга олиш ишлари аслида бошқа давлатларда амалга оширилиши керак эди. Аммо пандемия сабаб террорчилар яшайдиган муҳитни ўзимизнинг юртимизда махсус павилион қуриб, фильмда жангарилар ҳаётини акс эттиришга ҳаракат қилдик, — дейди фильм режиссёри Муҳаммадали Искандаров.
Эслатиб ўтамиз, 14 январь “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан мазкур фильмнинг ҳарбийлар учун ҳам махсус намойиши бўлиб ўтади.
«Ўзбеккино» Миллий агентлиги Ахборот хизмати