Бу ҳақда «Daily Hürriyet» хабар берган. Унга кўра, ички рейсларни бекор қилиш имконияти ҳам кўриб чиқиляпти.
Манбага кўра, коронавирус тарқалишига қараб янги чекловлар киритилиши ёки баъзи чекловлар бекор қилиниши мумкин.
Коронавирус тарқалишини олдини олиш воситаси сифатида шаҳарлараро қатновлар учун чеклов қайта киритилиши мумкинлиги айтилган. Расмийлар шу масала устида бош қотиришни бошлаган.
Таъкидланишича, мамлакатнинг йирик ҳудудларида шу ҳафта охирида комендантлик соати жорий этилиши мумкин. Аммо бу дарҳол рўй бермаслиги маълум қилинган.
Биринчилардан бўлиб Истанбул ва Мармар денгизи соҳилига туташ бошқа йирик вилоятларда карантин чекловлари кучайтирилиши мумкин.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳриддин Кўжа эса оғир ҳолатдаги беморлар ва коронавирус юқтириб олаётганлар сони кўпайишда давом этишини айтган.
Маълумот учун, Туркияда коронавирус юқтирганлар 366 мингдан ошган. 9 минг 950 киши вафот этган.
Дунёда коронавирусга чалинганлар сони 43 миллиондан ошган. 1 миллиондан кўп киши вирус қурбони бўлган.