Баҳор ойида рўй берган Сардоба сув омбори тошқини мамлакатимизда кутилмаган бахтсиз ҳодисалардан бири бўлди. Ўша оғир кунларда Сирдарёликларни яхши кўрган ва қалбида шу Ватанга меҳру-муҳаббати тошган барча юртдошларимиз уларга ёрдам беришга шошилдилар. Республикамизнинг турли нуқталаридан етиб келган қўли гул қурувчиларимиз инсон кўрса кўзи қувнайдиган, бир-биридан чиройли муҳташам биноларни барпо этдилар. Республика касаба уюшмалари федерацияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган пресс-тур давомида янги барпо этилган замонавий уй жойлар билан жамоатчилик вакиллари яқиндан танишдилар.
“Ҳаёт ҳамиша тасодифларга тўла- дейди 75 ёшли отахон, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани Навбаҳор маҳаллласида яшовчи АъзамхонМуродов. Сирдарё чўлларини обод қилиш ишларига жалб этилиб, 1976 йилда оиламиз билан бу ерларга кўчиб келганмиз. 5 ўғил ва икки қизим, 20 неварам бор. Улар барчаси Сирдарёда вояга етишган ва улар бу заминни киндик қони тўкилган Ватани деб билишади. Сардоба сув омбори тошқини билан боғлиқ хотираларни унутиб бўлмайди. Халқимизнинг нақадар оқибатли эканлиги мана шундай кунларда билинади. Қийин кунларда бизга бошпана беришди, озиқ-овқат билан таъминлашди. Халқимизга Сирдарёликлар номидан миннатдорчилик билдирамиз. Ҳозирда икки ўғлимга оилавий ва менга оилавий янги замонавий турар жой ажратилди. Оғир кунлар ортда қолди. Аввало инсон учун яшашига маскан керак. Ана шунда у оиланинг тинчи ва осойишталиги бўлади. Кўрсатилган ғамхўрликлардан руҳланиб эса Сирдарёликлар янада эзгу ишларга қўл урадилар.”
Чўл бағрида пойтахт нафаси.
Сирдарё чўллари аслида ижодкорлар учун ҳам азиз. Талабалигида илк асарларини пахта теримида яратган ижодкорларимиз талайгина. Катта Тошкент — Термез трассасидан ўтаётиб шулар хаёлимиздан кечди.
Сув тоқини рўй берганидан буён ўтган даврда вилоятда мисли кўрилмаган янгиланишларга қўл урилди. Янгидан-янги саноат корхоналари ишга туширилди. Биргина Сардоба туманидаги “Оқсарой кластер” корхонаси йилига 3,5 миллион долларлик иш ҳажмини амалга оширади. У ерда дастлабки босқичда 500 ишчи ўрни яратилиб, аҳоли бандлигигига имконият яратилди.
“Ўтган беш ой давомида олиб борилган қурилиш ишлари асосан аҳолини уй-жойга бўлган талабини қондиришга қаратилди,— дейди вилоят ҳокими ўринбосари Анвар Каримов. Уй жойлар асосан Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида вайрон бўлган ҳудудларда барпо этилди.Сардоба туманида 37 та 5 қаватли 1480 хонадон, Оқолтин туманида Янги Тошкент маҳалласида 430 хонадон, Мирзаобод туманида 40 та 800 хонадонли 5 қаватли уйлар барпо этилди. Улар асосан 25 октябрьдан 15 ноябрьгача эгаларига топширилади. Қурилишларимизда рамзий янгиликлар ҳам бор. “Янги Тошкент” маҳалласини асосан пойтахтдан келган қурувчилар барпо этишиб, маҳалланинг барча кўчаларига Тошкент шаҳри туманларининг номлари қўйилди, масалан Сергели, Яккасарой, каби. Бир қарашда чўл ўрнида барпо этилган жажжи шаҳарчаларимизда ҳам пойтахт рамзи ва ифори сезилади. Ҳаттоки Тошкентдаги курант соатлари Сирдарёда ҳам барпо этилди. Имкониятдан фойдаланиб, барча ушбу эзгу ишларга ҳисса қўшган юртдошларимизга Сирдарёликлар номидан минннатдорчилик билдирамиз.”
Бахти бутун Сирдарёликлар!
Пресс-тур давомида ОАВ ходимлари ва блогерларга янги барпо этилган уй жойлар, уларнинг ёнида барпо этилган янги иншоотлар батафсил таништирилди ва келгусида вилоятда режалаштирилаётган эзгу режалар ҳақида ҳам батафсил тушунтириб ўтилди. Масалан,Янги Тошкент маҳалласида барпо этилган”Нафис либослар” салони шаҳардагидан сира ҳам қолишмайди. Бу ерда замонавий дизайнерлар ўз иқтидорларини намоён қилишса, мижозлар олис шаҳарга бормасдан шу ерда янги либосларга буюртма беришади. Барпо этилган барча янги маҳаллаларда инсон омилига асосий қаратилган. Бу ишлар эса ҳали ҳам давом этаяпти. Мақсад эса одамларни ҳаётдан мамнун ва рози қилиш, уларга муносиб яшаш тарзини бунёд этишга қаратилган.Сув тошқини оқибатида 2 минг 211 хонадон яроқсиз,2 минг 499 хонадон таъмирталаб бўлган эди. Айни вақтда 80064 нафар аҳолининг уй жойга бўлган талаби қондирилди.
Умуман, Сирдарёликлар ажойиб халқ. Бу ерда турли миллат вакилллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшайдилар. Улар Ватаннинг муносиб яратувчиси-ю, қалқонлари ҳамдирлар. Шу ўринда Сирдарёлик Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймонннинг қуйидаги сатрлари ёдимизга тушди:
Гар ихтиёр этсангиз, бўстонга айлангуси,
Бу диёрнинг дашт-дала чўллари ёбонлари,
Сизлар улус таянчи, қувонч, кўрк ифтихори,
Сарҳад қалъаларини қўриқлар посбонлари,
Токи сизлар бор экан, хатар нелигин билмас
Мустақил бу ўлканинг мустаҳкам қўрғонлари!
Амалия СОЛИЕВА
Ўлжабой ҚАРШИЕВ