Франция президенти Эммануэль Макроннинг маълум қилишича, унда Туркиядаги суриялик жангарилар Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларда иштирок этаётгани ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳақда Макрон 1 октябрь куни Брюсселга Европа Иттифоқи саммитига етиб келиши билан маълум қилди, деб ёзмоқда «Korrespondent.net».
«Бизда суриялик жангарилар Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларга қўшилиш учун Газантепадаги (Туркиядаги провинция — таҳр.) жанг майдонларини тарк этганини кўрсатувчи аниқ маълумотлар бор. Бу жуда жиддий. Яқин соатлар ичида биз буни шу ерда, саммитда муҳокама қиламиз», — дея маълум қилган Макрон.
Макроннинг қайд этишича, Қорабоғдаги вазият жиддий ва у томонлар тинчлик музокараларига қайтиши учун барча имкониятни ишга солади.
Шунингдек, унинг таъкидлашича, Франция, Россия ва АҚШ Қорабоғ бўйича қўшма баёнот қабул қилди ҳамда вазият бўйича маълумот алмашиш юзасидан келишиб олди.
«Биз президент Трамп ва президент Путин билан зарур хулосалар қилиш учун бу вазият бўйича барча маълумотларни алмашишга келишиб олдик. ЕХҲТнинг Минск гуруҳи иштирокчилари сифатида биз вазиятни нормал ҳолатга қайтариш ва шубҳасиз ўт очишни тўхтатиш мақсадида ҳаракат қиляпмиз», — дея қўшимча қилди Франция президенти.
Баёнотда айтилишича, президентлар зўравонлик кучайишини «энг қатъий тартибда» қоралайди ҳамда ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдиради.
Франция, АҚШ ва Россия Тоғли Қорабоғ бўйича музокаралар билан шуғулланадиган Минск гуруҳининг ҳамраислари ҳисобланди.
Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Сурия ва Ливиядаги жангарилар Қорабоғ низоси ҳудудига ташланаётганини маълум қилганди. Вазирлик бу иш низолашувчи томонларнинг қай бири томонидан амалга оширилаётганига аниқлик киритмаган. Аввалроқ жангларда чет эллик ёлланма жангарилар қатнашаётгани ҳақида Озарбайжон ҳам, Арманистон ҳам гапирган.
Арманистон ҳукуматининг таъкидлашича, ёлланма жангариларни Туркия юбормоқда. Арманистоннинг Россиядаги элчиси Вардан Тоганяннинг сўзларига кўра, Суриядан Тоғли Қорабоғга тўрт мингга яқин жангари ташланган. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев бу маълумотни рад этиб, Туркия Озарбайжонга фақат «руҳий-маънавий ёрдам кўрсатаётгани»ни қатъий айтиб ўтган. Ўз навбатида, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги жангларда ҳалок бўлган Арманистон вакиллари орасида «Сурия ва Яқин Шарқнинг турли мамлакатларидан бўлган арман миллатига мансуб кўплаб ёлланма жангарилар бор»лиги ҳақида баёнот берган.
Манба: daryo.uz