Ташкентда бўлиб ўтган Бутунжаҳон пахта куни форумида 30 дан ортиқ мамлакат олимлари ва мутахассислари Ўзбекистоннинг соҳадаги ютуқларини эътироф этиб, республикада Бутунжаҳон пахта марказини ташкил этиш ташаббуси билан чиқдилар. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев пахтакорларга йўллаган табригида маълум қилди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, мамлакатда 5 миллион тонна пахта йиғиб олинган бўлиб, фермерларнинг соф фойдаси 13–14 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Сўнгги йилларда ўртача ҳосилдорлик 2,7 бараварга ортиб, гектарига 21 центнердан 56 центнерга етди. Олдинги монополия ва мажбурий меҳнатга чек қўйилиб, экин майдонлари 38 фоизга қисқартирилганига қарамай, илм-фан, сув тежовчи технологиялар, янги биотехнологик навлар ҳамда рақамлаштириш ҳисобига юқори натижаларга эришилди. Жумладан, ҳосилнинг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ техника ёрдамида териб олинди, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида эса механизация даражаси 100 фоизга етди. Келаси йилда мамлакат бўйича ўртача ҳосилдорликни 65–70 центнерга етказиш, бунда агродронлар, тежовчи технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларини янада кенг қўллаш вазифаси қўйилди.


