Тупроқ саломатлигини сақлаш, ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва фермерлар даромадини ошириш семинарнинг асосий мавзулари бўлди.
Самарқанд. Самарқандда ўтказилган минтақавий семинарда мутахассислар иқлим ўзгариши шароитида барқарор буғдой етиштириш ва фермерлар фаровонлигини ошириш бўйича тажриба алмашди. Муҳокамалар тупроқ унумдорлигини сақлашдан тортиб, буғдойни бозорга етказишгача бўлган жараёнларни қамраб олди.
«Тупроқ саломатлигидан бозорларгача: иқлим ўзгаришига чидамлилик ва фермерлар фаровонлиги учун барқарор буғдой етиштириш тизимлари» мавзусидаги семинар «Озиқ-овқат тизимлари, ердан фойдаланиш ва тиклаш» (FOLUR) дастури доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Семинар очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг ўринбосари Жусипбек Казбеков, қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Нуриддин Қўшназаров ҳамда FAOнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров сўзга чиқди. Улар тупроқ унумдорлигини сақлаш ва қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш бўйича устувор вазифалар ҳамда янги технологияларга тўхталди.
Тадбирда Жаҳон банки, Қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA) ва Маккажўхори ҳамда буғдой селекцияси халқаро маркази (CIMMYT) вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон, Хитой, Непал, Марокаш, Италия, Швейцария, Ҳиндистон, Фаластин, Польша, Қозоғистон, Буюк Британия ва Украинадан олимлар ҳамда мутахассислар иштирок этди.
«Барқарор буғдой етиштириш озиқ-овқат хавфсизлиги ва фермерлар даромади билан бевосита боғлиқ. Шу боис илмий тавсияларни фермерлар қўллай оладиган амалий ечимларга айлантиришга эътибор қаратишимиз зарур», — деди Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов.
Ўзбекистон, Хитой, Непал, Италия, Швейцария, Фаластин ва Польша олимлари жаҳонда буғдой етиштириш, тупроққа минимал ишлов бериш, экинларни диверсификация қилиш, ўсимлик касалликларига қарши курашиш ва селекция бўйича маърузалар қилди.
Шунингдек, регенератив қишлоқ хўжалиги, сув тежовчи технологиялар ва рақамли ечимлар, буғдой қиймат занжирида қўшимча қиймат яратиш ҳамда ишлаб чиқаришнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар ушбу ёндашувларни фермер хўжаликларида қўллаш орқали ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва буғдой етиштириш тизимларининг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш имкониятларини кўриб чиқди.
«Буғдой етиштиришда экология ва биологик хилма-хилликка салбий таъсир кўрсатмасдан дон ҳосилдорлигини ошириш ҳамда тупроқ унумдорлигини сақлаш узоқ муддатли устувор вазифа бўлиши керак», — деди Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг ўринбосари Жусипбек Казбеков.
Семинарда касаллик ва зараркунандаларга чидамли буғдой навларини яратиш, селекция ютуқларини амалиётга татбиқ этиш ва ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Иштирокчилар буғдой қиймат занжирини етиштиришдан бозорга етказишгача такомиллаштириш ва фермерларнинг илғор технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш йўлларини кўриб чиқди.
«Фермер учун янги технологиянинг афзаллиги даладаги натижада кўриниши керак: сув ва харажат тежалиши, ҳосил сифати ва даромад яхшиланиши лозим. Кўргазмали майдонлар ушбу ечимларни амалда баҳолаш ва фермерларга етказишда муҳим ўрин тутади», — деди Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Нуриддин Қўшназаров.
Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Ҳиндистон ва Украина вакиллари ўз мамлакатларида FOLUR дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва бугунги кунга қадар эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.
FAOнинг Ўзбекистонда амалга ошираётган FOLUR–Ўзбекистон лойиҳаси доирасида шўрланиш ва қурғоқчиликка мойил ҳудудларда барқарор қишлоқ хўжалиги амалиётларини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа тупроқ саломатлигини яхшилаш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда фермерлар даромадини оширишга қаратилган.
Семинар доирасида иштирокчилар Қашқадарё вилоятидаги намойиш майдонларига ташриф буюрди. Қамаши туманида улар ёмғир сувини йиғиш технологиялари ва лалми шароитда буғдой етиштириш тажрибаси билан танишди. Шаҳрисабз туманида эса суғориладиган майдонларда кузги буғдойни тупроққа ишлов бермасдан экиш ва етиштириш амалиёти намойиш этилди. Иштирокчилар буғдой уруғини тозалаш ускуналарининг иш жараёнини ҳам кўрди.
Дала ташрифи давомида пахтачиликда рақамли суғориш технологияларини қўллаш тажрибаси тақдим этилди. Иштирокчилар ушбу технологиялар ёрдамида сув сарфини камайтириш ва ҳосилдорликни ошириш имкониятларини муҳокама қилди.
Семинарда лалми ва суғориладиган майдонларда дуккакли экинлар улушини ошириш, тупроқ деградациясини кузатиб бориш, ер ресурсларини барқарор бошқариш ва хусусий сектор билан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Семинар ва дала ташрифи иштирокчиларга илмий тадқиқот натижаларини амалий тажриба билан солиштириш ҳамда барқарор буғдой етиштириш усулларини турли шароитларда қўллаш имкониятларини баҳолашга ёрдам берди.


