БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида Самарқанд, Жиззах, Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида амалий дала тренинглари ташкил этилди. «Бир мамлакат — битта устувор маҳсулот» (OCOP) ташаббуси ҳамда FAO–Хитой Жануб–Жануб ҳамкорлик дастури доирасида ўтказилган машғулотларда 250 нафарга яқин гилос етиштирувчи ва агроном иштирок этди.
Тренингларнинг асосий мақсади гилос дарахтларини паст бўйли шаклда бошқариш (Kym Green Bush — KGB тизими), нав ва пайвандтагларни маҳаллий иқлимга мос танлаш ҳамда парваришлаш усулларини ўргатишдан иборат бўлди. Лойиҳа мутахассислари томонидан нарвон ва махсус платформаларсиз, ердан туриб ҳосил йиғиштириб олиш имконини берувчи агротехнологик ечимлар, ёзги ва қишки буташ муддатлари ҳамда дарахтларни қуёш куйиши ва бактериал касалликлардан ҳимоя қилиш тадбирлари амалда кўрсатиб берилди. Мазкур ташаббус маҳсулот сифатини ошириш, ҳосилдорликни кўпайтириш ва миллий гилос етиштириш занжирининг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.



