Ижтимоий тармоқларда ЙҲХХ жарималарини текшириш ва тўлаш учун мўлжалланган «SafeRoad» иловаси бузиб кирилгани ҳамда фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари тарқалиб кетгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Тарқатилган хабарларда OSINT-ботлар базаларида ID-карталар, тўлов учун уланган банк карталари ҳамда тизимга кирилган қурилмалар ҳақидаги маълумотлар аниқлангани таъкидланган.
Ушбу хабарларга жавобан «SAFE Service» компанияси расмий баёнот бериб, маълумотлар сизиб чиққани ҳақидаги даъволарни рад этди. Компания вакилларининг таъкидлашича, эълон қилинган маълумотлар илова ишга туширилишидан олдин турли манбалардан йиғилган ва компания фаолиятига алоқадор эмас. Шунингдек, фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари қонунчилик талабларига мувофиқ ҳимоялангани ва ёлғон ахборот тарқатиш ҳолати бўйича ваколатли давлат органлари билан биргаликда суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.


