Ўзбекистонда «Аёллар дафтари»га киритилган камида беш нафар ишсиз аёлни ишга жойлаштириб, улар учун уйда меҳнат қилиш шароитини яратган тадбиркорлар давлат мулки ижараси учун 50 фоиз кам тўлаши мумкин.
Чегирма қўлланиладиган майдон ҳудудга қараб белгиланади. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 60 квадрат метрни, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида 80 квадрат метрни, туман марказларида 100 квадрат метрни, бошқа ҳудудларда эса 120 квадрат метрни ташкил этади.
Тадбиркор ишга жойлаштирган аёллар сони ошган тақдирда, чегирма қўлланиладиган майдон ҳажми ҳам оширилади.
Масалан, ойига 4 миллион сўмлик бинога ижара тўлайдиган тадбиркор чегирма туфайли 2 миллион сўм тежаши мумкин. Бир йилда тежамкорлик миқдори 24 миллион сўмга етади.
Мазкур имтиёз Президентнинг 2022 йил 21 сентябрдаги ПҚ–376-сон қарорида белгиланган. У автоматик равишда берилмайди: тадбиркорлар белгиланган талабларга жавоб бериши лозим.


