«Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари» халқаро саммити ҳамда Болалар онкологияси ва гематологияси бўйича II халқаро конгресс доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироат Мирзиёевага нуфузли глобал мукофотни топширди. Ушбу мукофот Зироат Мирзиёевага онкологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантиришдаги етакчилиги ва глобал даражада ҳар бир боланинг соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқини илгари суришдаги хизматлари учун берилди.
ЖССТнинг ушбу мукофоти 2019 йилда таъсис этилган бўлиб, аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасида аниқ натижаларга эришган, муҳим ҳисса қўшган давлат ва жамоат арбобларига топширилади. Илгари ушбу мукофотга давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, Нобель мукофоти лауреатлари ҳамда олимлар сазовор бўлишган.


