Яманнинг «Ансоруллоҳ» (ҳусийлар) ҳаракати томонидан амалга оширилаётган мунтазам ҳужумлар фонида АҚШ ҳукумати Саудия Арабистонидаги элчихонасининг шошилинч бўлмаган вазифаларни бажарувчи ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларини мамлакатдан олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатма берди. Шунга ўхшаш чоралар АҚШнинг БАА, Иордания, Қатар ва Баҳрайндаги дипломатик миссияларига ҳам татбиқ этилди.
АҚШ Давлат департаменти вакили Томми Пиготт ушбу қарорни дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги билан изоҳлади. Маълумотларга кўра, Октябрь ойи бошидан буён Саудия Арабистони ҳудуди деярли ҳар куни ракета ва дронлар ҳужумига учрамоқда; хусусан, Эр-Риёд халқаро аэропорти ҳамда «Шайба» нефть конлари нишонга олинган. Мазкур кескинлик жорий йил бошида Эрон атрофидаги вазият ва Ямандаги можаронинг қайта авж олиши ортидан янада кучайди.


