Президент Шавкат Мирзиёевнинг инвесторлар билан очиқ мулоқотида маълум қилинишича, Янги Тошкентда ҳудудлар тадбиркорларининг лойиҳалари учун 100 гектардан майдон ажратилади. Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманига ҳам 100 гектардан ҳудуд бириктирилиб, дастлабки аукционларда фақат тегишли ҳудуд тадбиркорлари иштирок этади ва киритилган инвестициялар ўша ҳудуд кўрсаткичига ёзилади.
Қиймати 50 миллион доллардан юқори бўлган нотурар жой лойиҳалари учун «яшил» сертификат харажатлари давлат томонидан қопланади. Шаҳарнинг 30 фоизини яшил ҳудудга айлантиришни давлат ўз зиммасига олади, инвесторлардан алоҳида 30 фоизлик кўкаламзорлаштириш талаб этилмайди. Бундан ташқари, 50 миллион доллардан юқори ҳар бир лойиҳага объект ишга тушгунига қадар масъул шахс бириктирилиб, манзилли имтиёзлар пакети белгиланади. Хорижий сармоядорлар учун дастлабки 50 та лот ажратилган. Эълон қилинган ушбу имтиёзлар Самарқанддаги «Ширин» массивига ҳам татбиқ этилиши белгиланди.


