ICT WEEK Uzbekistan 2026 тадбирининг очилиш маросимида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов 50 дан ортиқ ўзбекистонлик стартап асосчиларини саҳнага таклиф қилиб, халқаро инвесторларга мурожаат қилди.
Вазир Ўзбекистонни «стартаплар юрти»га айлантириш мақсадини таъкидлаб, инвесторларни мамлакатдаги ёш технологик компанияларни ривожлантириш жараёнининг дастлабки босқичлариданоқ ушбу экотизимнинг бир қисми бўлишга чақирди.
«Ушбу стартапларнинг юникорн компанияларга айланиш эҳтимоли жуда юқори. Агар уларга илк босқичда инвестиция киритсангиз, келажакдаги юникорнларнинг инвесторларидан бирига айланишингиз мумкин», — деди Шерзод Шерматов.
Маросим доирасида янги Startup Base платформасига ҳам расман старт берилди. Шерзод Шерматов ва стартап экотизими вакиллари рамзий тугмани биргаликда босиб, платформани ишга туширдилар.
Startup Base платформаси стартаплар, асосчилар, инвесторлар ва экотизимнинг бошқа иштирокчиларини бир майдонда бирлаштиришга қаратилган.
ICT WEEK Uzbekistan 2026 доирасида стартаплар соҳасидаги янги имкониятлар, инвестиция ва технологик тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросини онлайн тарзда кузатиш мумкин.


