Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳрида бир гуруҳ ўсмирлар бошқа вояга етмаганларнинг буюмларини зўрлик ишлатиб олиб қўйгани акс этган видеотасвирлар юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Суриштирув давомида аниқланишича, жорий йилнинг 19 сентябрь куни Наманган шаҳрининг “Даштбоғ” маҳалласида 2-сонли касб-ҳунар техникумининг 1-босқичида таҳсил олувчи 7 нафар вояга етмаган шахс тенгдошларининг пул, соат ва телефонларини очиқдан-очиқ зўрлик ишлатиш йўли билан талон-торож қилган. Воқеа оқибатида ҳеч кимга тан жароҳати етказилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “в” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


