Қозоғистон ва Ўзбекистон миллий банк тизимлари ўртасида QR-кодлар орқали тўловларни амалга ошириш ва маблағларни ўтказиш тизимини ривожлантиришга келишиб олдилар. Ташаббус доирасида миллий QR-кодлар ўзаро тан олинади: ўзбекистонликлар Қозоғистонда маҳаллий тизим орқали, қозоғистонликлар эса Ўзбекистонда UzQR платформаси орқали товар ва хизматлар учун тўловларни амалга оширишлари мумкин бўлади.
Шунингдек, келишув икки мамлакат тижорат банкларининг мобил иловалари орқали тўғридан-тўғри банк карталарига пул ўтказмаларини йўлга қўйишни назарда тутади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа иқтисодий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга, тўлов технологиялари ва маълумот алмашинувини кенгайтиришга хизмат қилади.


