«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Тошкент шаҳрида наркотик моддалар контрабандасининг олди олинди. Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида 2001 йилда туғилган Черногория фуқароси ушланган.
У Яшиксарой туманидаги почта бўлимида Германиядан юборилган жўнатмани қабул қилиб олган вақтида тўхтатиб қолинган. Жўнатма текширилганда, спорт анжомлари ичига яширилган 3 килограмм «Клефедрон» ва 1 килограмм гашиш борлиги аниқланган.
Тезкор тадбир давомида хорижий фуқаронинг вақтинча яшаш жойи ҳам кўздан кечирилган. У ердан 30 грамм оғирликдаги «Альфа-PVP» наркотик моддаси солинган 11 та тайёр закладка, шунингдек, зип-пакетлар, электрон тарози ва бошқа ашёлар топилган.
Аниқланган наркотик моддалар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан хорижий фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


