Пойтахтнинг Яшнобод, Миробод ва Сирғали туманларида табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилди. Чекловлар Яшнобод туманидаги оралиқ босимли ер ости газ қувурида юзага келган аварияни бартараф этиш ва таъмирлаш ишлари сабабли жорий этилди.
«Hududgaz Poytaxt» филиали маълумотларига кўра, газ сиздириши «Янги давр» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи ер ости газ қувурининг компенсатор қисмида аниқланган. Аварияни бартараф этиш учун қуйидаги манзилларда газ таъминоти вақтинча тўхтатилди:
- Яшнобод тумани: «Янги давр», «Нодира», «Донишманд», «Ҳосият» маҳаллалари, Иззат кўчаси ҳамда «Assalom Havo» турар жой мажмуаси (жами 1 220 та ҳовли ва кўп қаватли уйлардаги 1 664 та хонадон).
- Миробод тумани: «Оқ уй» ва «Файзобод» маҳаллаларидаги ҳовлилар, шунингдек «Қорасув» маҳалласидаги 20 та кўп қаватли уй (жами 1 400 та ҳовли ва 80 та хонадон).
- Сирғали тумани: «Қўйлиқ-5», «Қўйлиқ-6», «Қўйлиқ-7» мавзелари, «Қўшқўрғон» маҳалласи ва Нуфузли кўчаси (жами 220 та ҳовли ва 3 844 та хонадон).
Ҳозирда мутахассислар сиздиришни бартараф этиш бўйича зарур таъмирлаш ишларини олиб бормоқда. Газ етказиб бериш авария-тиклаш ишлари якунлангач, дарҳол қайта тикланади.


