Президент Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилди.
Учрашувда Сержио Гор АҚШ Президенти Дональд Трампнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбарини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклади.
Мулоқотда Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Энергетика, транспорт, муҳим минераллар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳаларидаги қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди. Шунингдек, «C5+1» форматидаги бўлажак тадбирларга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон–Америка ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартиби ҳам кўриб чиқилди.


