АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Ўзбекистон халқини 1 сентябрь Мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклади.
У Америка Қўшма Штатлари номидан йўллаган табригида АҚШ–Ўзбекистон стратегик шериклиги доирасида эришилаётган натижаларни таъкидлади.
Рубионинг қайд этишича, икки мамлакат бизнес доиралари муҳим фойдали қазилмалар, энергетика, инфратузилма, авиация, молия ва технология соҳаларида тижорий алоқаларни кенгайтирмоқда. Бу ҳамкорлик янги иқтисодий имкониятларни яратмоқда.
АҚШ Давлат котиби Ўзбекистоннинг 2026–2027 йилларда C5+1 Котибияти ҳамраиси сифатидаги фаолиятини ҳам олқишлади. У минтақавий хавфсизлик, ўзаро боғлиқлик ва иқтисодий ўсишни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидлади.
Марко Рубио АҚШ Ўзбекистон билан ҳамкорлик суръатларини янада ошириш ва стратегик шерикликни чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Унинг таъкидлашича, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик мамлакатларни янада кучли, хавфсиз ва фаровон қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.


