Нигер пойтахти Ниамейда 29 август куни эрталаб ҳарбий тўнтаришга уриниш юз берди. Махсус ҳарбий бўлинмалар аэропорт ва президент саройи ҳудудини эгаллашга ҳаракат қилган.
Хабарларга кўра, 28 августдан 29 августга ўтар кечаси пойтахтнинг бир қатор ҳудудларида ўқ овозлари ва портлашлар эшитилган. Президент саройига ҳужум қилингани ҳақида ҳам маълумотлар тарқалган.
Хавфсизлик тузилмаларидаги манбага кўра, президент гвардияси қуролли кучлар сафидаги исёнчиларнинг саройга кириш уринишини қайтарган.
Нигер Маслаҳат кенгаши аъзоси Бана Вагана Ибрахим аҳолини вазиятни хотиржамлик билан кутишга ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирган. У мамлакат мудофаа ва хавфсизлик кучлари сафарбар этилганини маълум қилган.
Шунингдек, Ниамейдаги 101-сонли ҳарбий авиабаза ҳудудида кучли отишма ва портлашлар бўлгани ҳақида маҳаллий аҳоли хабар берган. Айрим гувоҳлар отишма бир неча соат давом этганини билдирган.
Ҳодисалар фонида Нигер давлат телеканали эфирини тўхтатган. Экранда одатий дастурлар ўрнига қора тасвир намоён бўлган.
Нигерда ҳарбий хунта 2023 йил июлидаги давлат тўнтаришидан кейин ҳокимиятни бошқариб келмоқда. Бироқ мамлакатда жиҳодчи гуруҳларнинг ҳужумлари давом этмоқда.
Жорий йилда Ниамей аэропортига камида икки марта ҳужум уюштирилган. Январь ойида Саҳелдаги «Исломий давлат» гуруҳи, июнь ойида эса «Ислом ва мусулмонларни қўллаб-қувватлаш гуруҳи» ушбу ҳужумларни амалга оширган.
Ниамейдаги сўнгги воқеаларнинг аниқ сабаблари ва вазиятнинг кейинги ривожи ҳозирча тўлиқ маълум эмас.


