FAO UNCCD COP17 доирасида Ўзбекистоннинг барқарор қишлоқ хўжалиги ва ландшафтларни бошқариш тажрибасини тақдим этди

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
8,960участниковПодписаться
- Advertisement -

УЛАН-БАТОР, Мўғулистон — 2026 йил 27 август. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш тўғрисидаги конвенцияси Томонлар конференциясининг 17-сессияси (UNCCD COP17) доирасида ўтказилган параллел тадбирда Ўзбекистоннинг барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва ландшафтларни комплекс бошқариш борасидаги тажрибасини тақдим этди.

Конференциянинг «Озиқ-овқат тизимлари ва тупроқ саломатлиги куни» доирасида ўтказилган тадбир Ўзбекистонда ерлар деградациясига қарши курашиш, ер ва сув ресурсларини барқарор бошқаришни такомиллаштириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ва қишлоқ аҳолисининг иқлим ўзгариши таъсирига чидамлилигини ошириш бўйича амалий ечимлар ва тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлди.

FAO экспертлари, миллий ва халқаро ҳамкорлар «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва ерларни тиклашга таъсирини баҳолаш дастури» (FOLUR–Ўзбекистон) доирасида мамлакатда амалга оширилаётган ёндашувларни тақдим этдилар. Глобал экологик жамғарма (GEF) томонидан молиялаштирилаётган мазкур лойиҳа FAO томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

FAOнинг FOLUR–Ўзбекистон лойиҳаси координатори Азиз Нурбеков мамлакатда тупроқ саломатлигини тиклаш, ерлар деградациясини камайтириш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг узоқ муддатли барқарорлигини ошириш мақсадида илгари сурилаётган консервацион ва регенератив қишлоқ хўжалиги амалиётлари ҳақида маълумот берди.

FOLUR–Ўзбекистон лойиҳаси гуруҳи раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили Шерзод Низомов «Ўзбекистонда барқарор буғдой етиштириш учун ландшафтларни комплекс бошқариш» мавзусида тақдимот ўтказди. Унда барқарор буғдой етиштиришни ландшафт даражасидаги режалаштириш билан уйғунлаштириш, ер ва сув ресурсларидан масъулиятли фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ландшафтларининг чидамлилигини оширишга қаратилган ёндашувлар ёритилди.

Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) вакили Александр Исченко қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизимларига биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш тамойилларини интеграция қилиш, барқарор ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва табиий экотизимларни асрашга қаратилган ёндашувларни тақдим этди.

Муҳокамаларда давлат ташкилотлари, FAO, техник ҳамкорлар ва қишлоқ жамоалари ўртасидаги ҳамкорлик ер ресурсларини барқарор бошқариш тамойилларини амалий чора-тадбирларга айлантиришга қандай хизмат қилиши мумкинлиги кўрсатиб берилди. Иштирокчилар, шунингдек, қурғоқчил ҳудудларда консервацион ва регенератив қишлоқ хўжалиги, биологик хилма-хилликни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш ҳамда ландшафтларни комплекс режалаштириш бўйича билим ва тажриба алмашдилар.

FAOнинг UNCCD COP17даги иштироки Ўзбекистоннинг деградацияга учраган ерларни тиклаш, янада барқарор ва иқлим ўзгаришига чидамли агроозиқ-овқат тизимларини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини халқаро миқёсда кенг намойиш этишга хизмат қилди.

Тадбир, шунингдек, самарадорлиги амалда тасдиқланган ёндашувларни кенг кўламда жорий этиш ҳамда ер ва табиий ресурсларни барқарор бошқариш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятлари юзасидан ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар ўртасидаги мулоқотни қўллаб-қувватлади.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Президент қатағон қурбонлари хотирасини ёд этди

28 август куни Тошкентдаги Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросими бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев, давлат...

Больше похожих статей