Меҳнат миграциясидан қайтган аёллар ўз оилаларига нафақат молиявий ёрдам, балки янги кўникмалар, ўзига хос қарашлар ва Ўзбекистон тараққиёти учун қимматли тажрибани ҳам олиб келади. Бироқ уларнинг салоҳиятини мамлакатда тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва қўллаб-қувватлаш механизмларини қандай яратиш мумкин?
Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Тошкентда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда меҳнат миграциясини бошқариш соҳасидаги миллий ҳамкорлар билан биргаликда семинар ташкил этди. Унда аёл мигрантларнинг реал тажрибаси муҳокама қилиниб, асосий муаммолар ва уларни иқтисодий реинтеграция қилиш бўйича амалий чоралар кўриб чиқилди.
Миграция янги имкониятлар очишига қарамай, аёллар қайтганидан сўнг маҳаллий меҳнат бозорига мослашиш, молиявий ресурслар топиш каби ўзига хос қийинчиликларга дуч келади.
Тадбир иштирокчилари лойиҳа натижалари ҳамда аёлларга хорижга кетишидан олдин ва қайтганидан кейин ёрдам кўрсатувчи давлат ва халқаро ташкилотларнинг амалий тажрибасига таянди.
«Ўзбекистонда мигрантлар оилаларини қўллаб-қувватлаш ва уларга комплекс ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда қайтиб келган аёлларни иқтисодий реинтеграция қилишга қаратилган каскадли тренинглар дастурини амалга оширяпмиз. Биз тренерларни тайёрлаймиз. Улар аёлларга талаб юқори бўлган касблар, IT технологиялари ва молиявий саводхонликни ўрганишда ёрдам беради», — деди Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Умида Абдуллаева.
Семинар давлат тузилмалари ва халқаро ташкилотларга тажриба алмашиш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ҳамда меҳнат миграциясини бошқариш ва аёлларни иқтисодий реинтеграция қилишни такомиллаштириш бўйича гендерга йўналтирилган амалий ёндашувларни белгилаш имконини берди.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Антти Карттунен аёлларнинг имкониятларини кенгайтирувчи хавфсиз ва инклюзив миграция механизмларини яратишда кўп томонлама ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
«Меҳнат миграциясини самарали ва гендерга йўналтирилган бошқариш аёлларнинг ишонч билан уйига қайтиши учун шароит яратишни назарда тутади. Шунингдек, улар хорижда орттирган кўникма ва тажрибасидан фойдаланиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожига тўлиқ ҳисса қўшиши муҳим», — деди у.
Тадбир доирасида юқори даражадаги панель муҳокамаси ҳам ўтказилди. Унда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Халқаро миграция ташкилоти вакиллари иштирок этди.
Муҳокамаларда институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва миграция циклининг барча босқичларида аёл мигрантларни қўллаб-қувватлаш хизматлари сифатини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Семинар ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори томонидан амалга оширилаётган «Аёллар меҳнат миграциясини самарали бошқаришга кўмаклашиш ва қайтиб келган аёл мигрантларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш» номли икки йиллик лойиҳа доирасида ташкил этилди.
Лойиҳа миллий ҳамкорларга миграцияни гендерга сезгир тарзда бошқаришни кучайтириш, институционал ҳамкорликни ривожлантириш ва аёлларни барқарор иқтисодий реинтеграция қилиш имкониятларини кенгайтиришда кўмаклашади. Ташаббус Германия, Норвегия, Туркия ва Корея Республикаси томонидан молиялаштирилмоқда.


