Фиджитал-футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси «Келажак ўйинлари — 2026» халқаро турнирининг чорак финалига йўл олди. Жамоа драматик кечган баҳсда «Orlando Pirates» устидан ғалаба қозонди.
Рақамли босқичда Ўзбекистон жамоаси рақибини 4:0 ҳисобида ишончли тарзда мағлуб этди. Бироқ учрашувнинг жисмоний босқичида «Orlando Pirates» 6:2 ҳисобида ғалаба қозониб, жавоб қайтарди. Икки босқич натижасига кўра, умумий ҳисоб 6:6 бўлди.
Ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 3:2 ҳисобида устун келиб, турнирнинг чорак финалига йўлланмани қўлга киритди.
Рақамли технологиялар вазирлиги миллий терма жамоани муваффақиятли иштироки билан табриклаб, спортчиларга халқаро майдонда кейинги ғалабалар ва юқори натижалар тилади.


