Президент Шавкат Мирзиёев алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни таълим ҳамда ижтимоий хизматлар билан тўлиқ қамраб олишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда мамлакатда ногиронлиги бўлган 168 мингдан ортиқ бола яшайди. Улардан 133,8 минг нафари таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган бўлса, яна 34,6 минг нафар болани ушбу тизимга жалб этиш вазифаси турибди.
Шу мақсадда ижтимоий ходимлар иштирокида «оилабай» ишлаш механизми йўлга қўйилади. Унга кўра, ҳар бир боланинг эҳтиёжлари эрта босқичда комплекс баҳоланиб, унга мос таълим муҳити ва зарур ижтимоий хизматлар белгиланади. Янги баҳолаш тизими 2026 йил 1 октябрдан Хоразм ва Навоий вилоятларида синов тариқасида жорий этилади.
2026/2027 ўқув йилидан махсус мактабларда таълим индивидуал режалар асосида ташкил этилади. Шунингдек, кўзи ожиз педагогларга, махсус мактабларнинг бошланғич синфларига эса шахсий ассистент ва ёрдамчи ходимлар ажратилади.
Таклифларга кўра, коррекцион синфлар ташкил этган нодавлат мактабларга ҳар бир ўқувчи учун субсидия берилади. Ҳар йили камида 50 та мактабнинг инклюзив муҳитни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалари грант асосида молиялаштирилади.
2027 йилдан ногиронлиги бўлган болаларни Брайл дисплейлари, матнни ўқиш қурилмалари, овоз синтезаторлари ва бошқа ассистив технологиялар билан ваучер асосида таъминлаш режалаштирилган. 2027/2028 ўқув йилидан эса кириш ва сертификат имтиҳонларида улар учун қўшимча вақт, сурдотаржимон, ассистент ва бошқа махсус шароитлар яратилади.


