«Ўзгидромет» 4–7 август кунлари республика ҳудудининг қатор минтақаларида ноқулай об-ҳаво шароити кузатилиши ҳақида огоҳлантирди. Синоптикларга кўра, айрим ҳудудларда кучли шамол ва чанг тўзонлари кузатилиши, тоғолди ва тоғли ҳудудларда эса сел, тошқин ҳамда маҳаллий сув тошишлари хавфи сақланиб қолади.
Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида, шунингдек, тоғли ҳудудларда шамол тезлиги сониясига 13–18 метргача кучайиши мумкин. Тошкент шаҳрида эса шамол тезлиги 10–12 метргача етиши, айрим жойларда чанг тўзонлари кузатилиши эҳтимоли бор.
Шу билан бирга, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пскент, Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманлари ҳамда Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида сел хавфи эълон қилинган.
Наманган вилоятида Пап, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган ва Янгиқўрғон туманлари, Фарғона вилоятида Сўх, Шоҳимардон, Фарғона ва Бешариқ туманлари, Андижон вилоятида эса Андижон, Асака, Жалолқудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида ҳам сел ва тошқинлар юзага келиши эҳтимоли юқори экани қайд этилган.
Мутахассислар ҳайдовчиларга, айниқса, шаҳарлараро ва халқаро қатновларни амалга ошираётган транспорт воситалари ҳайдовчиларига эҳтиёткор бўлишни тавсия қилмоқда. Кучли ёнлама шамол транспорт воситасининг ҳаракат йўналишини ўзгартириши, чанг тўзонлари эса кўриш масофасини кескин чеклаши мумкин.
Шунингдек, тоғли ҳудудларда ҳаракатланишда сел оқимлари, тош кўчиши ва йўлларнинг сув босиши хавфи инобатга олиниши лозим. Ҳайдовчиларга йўлга чиқишдан аввал об-ҳаво маълумотларини ўрганиш, тезликни пасайтириш, хавфсиз масофани сақлаш ва сув босган йўл участкаларидан ўтмаслик тавсия этилган.


