Андижон вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар давлат захирасида бўлган ер участкасини ноқонуний равишда расмийлаштириш схемасига чек қўйди.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Марҳамат туманидаги банк хизматлари марказларидан бири бошлиғи ҳамда Норин–Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси машинисти олдиндан тил бириктириб, 37 ёшли фуқаро номига 24 сотих ер участкасини расмийлаштириб беришни таклиф қилган.
Гумонланувчилар Марҳамат тумани ҳокимлиги захирасида бўлган мазкур ер участкаси гўёки турар жой қурилиши учун ажратилган ерлар тоифасига мансублигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга эканини айтган. Ерни таниш мансабдор шахслар орқали расмийлаштириб бериш эвазига улар 39 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида машинист 25 минг АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


