Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Telegram асосчиси Павел Дуровни халқаро қидирувга берганини маълум қилди. Унга нисбатан террорчилик фаолиятига кўмаклашиш моддаси бўйича сиртдан айблов эълон қилинган.
Россия махсус хизмати маълумотига кўра, Telegram маъмурияти Россия ҳукумати фикрича, Украина махсус хизматлари томонидан диверсия-террорчилик ҳаракатлари ва киберфирибгарликни ташкил этишда фойдаланилган каналлар, чатлар ва ботларни ўчирмаган.
Маълум қилинишича, Павел Дуровга нисбатан жиноят иши 24 февраль куни қўзғатилган.
Telegram асосчиси эса айбловларни рад этиб, уларни сохталаштирилган деб атаган. Унинг таъкидлашича, таъқиблар мессенжер устидан назоратни кучайтириш ва фойдаланувчилар ёзишмаларига кириш имкониятини қўлга киритишга қаратилган.
Бу Павел Дуров билан Россия ҳокимияти ўртасидаги илк можаро эмас. У аввал ҳам «ВКонтакте» ижтимоий тармоғига раҳбарлик қилган даврида Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари босимига учраганини бир неча бор маълум қилган.
Шунингдек, 2024 йилда Павел Дуров Францияда Telegram платформасида ноқонуний контентни модерация қилиш билан боғлиқ тергов доирасида қўлга олинган эди. Кейинчалик у гаров эвазига озод қилинган, 2025 йилда эса Францияни вақтинча тарк этишига рухсат берилган.


