Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган иқтисодий натижалар ва йил якунига қадар амалга ошириладиган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.
Йиғилиш аввалида давлат раҳбари мутасадди раҳбарлар ўз чиқишларида фақат ҳисобот бериш билан чекланмаслиги кераклигини таъкидлади. Уларнинг ҳар бири аниқланган янги имкониятлар, уларни амалга ошириш механизмлари ҳамда йил охиригача эришиладиган натижаларни асослаб бериши лозимлиги қайд этилди.
Президент, шунингдек, жаҳондаги иқтисодий вазият тез ўзгариб бораётган бир пайтда ҳар бир раҳбар эҳтимолий хавф-хатарларни инобатга олган ҳолда қўшимча сценарийлар асосида иш олиб бориши зарурлигини билдирди.
Йиғилишда қайд этилишича, жорий йил бошидан буён мамлакат иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсган. Саноатда ўсиш 8 фоизни, хизматлар соҳасида 16,9 фоизни, қурилиш тармоғида 13,8 фоизни, қишлоқ хўжалигида эса 4,7 фоизни ташкил этган.
Шу даврда иқтисодиётга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 28 миллиард долларга, экспорт кўрсаткичи эса 14,4 миллиард долларга етган.
Бундан ташқари, халқаро «Fitch» ва «Moody’s» рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги бўйича баҳосини бир поғонага оширгани таъкидланди.
Президент мамлакат аҳолиси сони 40 миллионга яқинлашаётганини қайд этиб, фуқароларнинг даромадлари ва турмуш даражасини барқарор ошириш учун иқтисодиётнинг йиллик ўсиш суръати 9–10 фоиз даражасида бўлиши зарурлигини таъкидлади.


