Президент Шавкат Мирзиёев биринчи ярим йиллик якунларига бағишланган видеоселектор йиғилишида тадбиркорлар учун маъмурий тўсиқларни кескин қисқартириш ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг саноат ва экспортни ривожлантириш бўйича масъулиятини ошириш юзасидан қатор топшириқлар берди.
Давлат раҳбари мамлакатда бизнес очиш ва ташқи бозорларга чиқиш учун зарур шароитлар яратилганини таъкидлади. Бироқ ортиқча бюрократия ва кўплаб жарималар ҳали ҳам тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётганини қайд этди.
Йиғилишда келтирилган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда 51 та вазирлик ва идора 322 йўналиш бўйича молиявий санкциялар қўллаш ваколатига эга. 2024–2026 йиллар давомида қўлланилган жарималарнинг умумий суммаси қарийб 3 триллион сўмни ташкил этган.
Президент назорат органлари фаолиятига ёндашув ўзгариши лозимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, тадбиркорни жазолашдан аввал давлат идоралари унга қонунчилик талабларини тушунтириши ва аниқланган камчиликларни бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатиши керак.
Йиғилишда ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар учун тўловлар ҳамда йиғимларни камайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Мисол сифатида бир юк машинаси гилосини экспорт қилишда божхона йиғимлари, фумигация, сертификатлар ва декларация хизматлари учун қўшимча харажатлар 5 миллион сўмга етаётгани қайд этилди.
Шу муносабат билан барча вазирлар ва тармоқ раҳбарларига бир ҳафта муддатда Президент администрациясига бюрократик тартиб-таомиллар, жарималар, тўловлар ва йиғимларни кескин қисқартириш, шунингдек ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш топширилди.
Йиғилишда саноат ва экспорт соҳаларидаги олти ойлик натижалар ҳам танқидий таҳлил қилинди. Президент биринчи чорак якунлари бўйича саноат кўрсаткичларини бажармаган 13 нафар туман ҳокими ва экспорт ҳажмини пасайтирган 15 нафар ҳокимга нисбатан чора кўрилганини эслатди. Қайд этилишича, аксарият раҳбарлар вазиятни яхшилаган бўлса-да, айрим туман ва шаҳарларда ўсиш суръатлари ҳануз пастлигича қолмоқда.
Жумладан, Янгиобод туманида саноат ўсиши режалаштирилган 5,7 фоиз ўрнига атиги 1,8 фоизни ташкил этган. Шунингдек, Ғазғон шаҳри, Музработ, Қизириқ ва Олтиариқ туманларида ҳам ўсиш суръатлари пасайган.
Экспорт соҳасида ҳам муаммолар сақланиб қолмоқда. Президент Касби, Денов, Тошкент, Пахтаобод, Жомбой, Тайлоқ, Бандихон, Мирзачўл ва Ёзёвон туманлари, шунингдек Жиззах, Навоий ва Бектемир шаҳарлари раҳбарлари фаолиятини танқид қилди.
Бош вазирга 17 нафар ҳокимнинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги масаласини шу куннинг ўзида кўриб чиқиш топширилди. Агар тўққиз ойлик якунлар бўйича вазият яхшиланмаса, вилоят ҳокимларининг ўринбосарларига нисбатан ҳам қатъий чоралар кўрилиши белгиланди.


