Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан дори воситаларининг ноқонуний муомаласига оид ҳолатлар аниқланди. Тезкор тадбирлар давомида қалбаки дори воситалари тайёрланган яширин цех, ноқонуний омборлар ҳамда тегишли ҳужжатларсиз сақланган дори воситалари партиялари фош этилди.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маҳаллий тадбиркорга тегишли дорихона, яшаш хонадони ва автомашинани текширди. Тергов маълумотларига кўра, у ўз уйида яширин ишлаб чиқаришни ташкил этиб, дори воситаларидаги ёрлиқлар ва йўриқномаларни алмаштириш орқали уларни асл маҳсулот сифатида сотишга уринган.
Тинтувлар давомида 111 номдаги 25 716 дона дори воситаси, шунингдек қадоқлар, ёрлиқлар, йўриқномалар ва бошқа материаллар мусодара қилинди. Экспертлар хулосасига кўра, 30 номдаги дори воситаси давлат реестрида рўйхатдан ўтмаган, яна 50 номдаги маҳсулот эса мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган.
Ғиждувон туманида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда фармацевтика компанияси раҳбари «Октагам» дори воситасининг 16 қутисини 5,6 минг АҚШ долларига сотишга уринган вақтида қўлга олинди. Мазкур дори воситаси ҳам давлат реестрида рўйхатдан ўтмаган ва сифат сертификатига эга бўлмаган.
Унга тегишли дорихона текширилганда эса сифат сертификати мавжуд бўлмаган 109 номдаги 32 094 дона дори воситаси аниқланиб, мусодара қилинди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус туманида хусусий хонадонда ташкил этилган ноқонуний дори омбори фош этилди. У ердан 65 номдаги 12 958 дона дори воситаси, шунингдек уларни қадоқлашда фойдаланилган 2 410 та штрих-код ва ёрлиқлар олиб қўйилди. Текширув давомида дори воситалари белгиланган талабларга зид равишда сақлангани, шунингдек уларнинг 16 номдагиси яроқлилик муддати ўтгани аниқланди.
Аниқланган барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


