Тошкент метрополитенининг «Ер усти ҳалқа» йўналишидаги «Турон» метро бекатида том конструкциясининг бир қисми силжиши билан боғлиқ ҳодиса юз берди. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» давлат унитар корхонаси маълум қилди.
Маълумотга кўра, ҳодиса 16 июль куни соат 14:34 да аниқланган. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мазкур бекатда метро поездлари қатнови зудлик билан вақтинча тўхтатилди.
Ҳозирда мутахассислар томонидан техник ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Ҳодиса оқибатида икки нафар йўловчи енгил тан жароҳати олган. Уларга воқеа жойининг ўзида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Йўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида «Қипчоқ» ва «Қурувчилар» метро бекатлари ўртасида бепул метробуслар қатнови йўлга қўйилди.
«Тошкент метрополитени» юзага келган вақтинчалик ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраб, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш корхона фаолиятининг устувор йўналиши бўлиб қолишини таъкидлади.


