Ижтимоий тармоқларда Зарафшон дарёси бўйида жойлашган темир йўл участкасининг шикастлангани акс этган видеолар тарқалганидан сўнг, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ расмий изоҳ берди.
Маълум қилинишича, 3 июль куни Самарқанд вилоятининг Тайлоқ тумани ҳудудидан ўтувчи “Самарқанд – Ургут” темир йўл участкасининг маълум қисмига зарар етган.
Корхона маълумотига кўра, сўнгги кунларда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг тоғли ҳудудларида кузатилган кучли ёғингарчиликлар натижасида Зарафшон дарёсида сув оқими кескин ошган. Бу эса дарё қирғоқларининг ювилиши ва айрим жойларда ўзаннинг ўзгаришига олиб келган.
Қайд этилишича, дарёдаги сув сарфи меъёрий 80–100 куб метр/сония ўрнига 300 куб метр/сониягача етган. Натижада дарё ўзани темир йўлга яқин ҳудудларда 30–40 метргача кенгайиб, темир йўл инфратузилмасининг бир қисмига шикаст етказган. Мутахассислар бундай гидрологик ҳолат сўнгги 20 йил давомида кузатилмаганини таъкидламоқда.
Айни пайтда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида авария-тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Дарё қирғоқларини мустаҳкамлаш учун 15 та махсус техника жалб этилган. Ҳудудга 30 та думпкар вагон орқали харсанг тошлар етказилган бўлса, қўшимча равишда қурилиш материаллари ортилган яна 130 та думпкар вагон йўналтирилган.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг билдиришича, темир йўл ҳаракатини имкони қадар қисқа муддатда тўлиқ тиклаш ва поездлар қатновининг узлуксизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

