Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш доирасида ўтказилган тезкор тадбирларда йирик миқдордаги наркотик моддалар аниқланди.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Сурхондарё вилоятида ДХХ бошқармаси ходимлари ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда “ўзбек-афғон” давлат чегарасининг Термиз тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида ташлаб кетилган 2 килограмм 562 грамм оғирликдаги опий гиёҳвандлик воситаси топилди.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, наркотик модданинг эгалари ва келиб чиқиш манбасини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирларининг иккинчи босқичи доирасида Тошкент шаҳрида ҳам гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳолат фош этилди. ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва пойтахт ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Чилонзор туманида яшовчи 1974 йилда туғилган шахснинг хонадонида 2 килограмм 930 грамм кўкнори бошоқлари сақланаётгани аниқланди.
Ашёвий далиллар процессуал тартибда олиб қўйилган бўлиб, мазкур ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

