Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ўсишда давом этмоқда. 2 июль куни соат 14:00 ҳолатига кўра, мамлакатдаги қуёш ва шамол электр станциялари жорий йил бошидан буён 6 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарди.
Расмий маълумотларга кўра, ушбу ҳажмнинг 3,8 миллиард кВт·соати қуёш фотоэлектр станциялари, 2,2 миллиард кВт·соати эса шамол электр станциялари ҳиссасига тўғри келади.
Қайд этилишича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 миллиард кВт·соатга ёки 24,3 фоизга кўпдир. Шунингдек, бундан атиги 24 кун аввал — 8 июнь куни мазкур кўрсаткич 5 миллиард кВт·соатни ташкил этган эди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш натижасида жорий йил бошидан буён 1,6 миллиард куб метр табиий газ тежалди ҳамда атмосферага 3,4 миллион тонна зарарли моддалар чиқарилишининг олди олинди.
Шу билан бирга, 2026 йил бошидан 2 июль ҳолатига қадар мамлакатдаги барча гидроэлектр, қуёш ва шамол электр станциялари томонидан жами 10,1 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Бу ҳажмдаги энергия ишлаб чиқарилиши ҳисобига 2,6 миллиард куб метр табиий газ тежалган, атмосферага эса 5,7 миллион тонна зарарли моддалар чиқарилишига йўл қўйилмаган.

