Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик сўнгги йилларда барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2–3 июль кунлари Грузияга давлат ташрифи арафасида эълон қилинган маълумотларга кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси тўққиз йил ичида уч баробарга кўпайган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тайёрлаган инфографикага мувофиқ, 2017–2025 йиллар давомида Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги товар айланмаси 89 миллион доллардан 267,6 миллион долларга етган.
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг Грузияга экспорти 77,2 миллион долларни, импорт ҳажми эса 190,4 миллион долларни ташкил этган.
Инвестициявий ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Хусусан, 2025 йилда Грузиядан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 40,1 миллион доллардан ошган. 2016–2025 йиллар мобайнида эса жалб этилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 46 миллион доллардан зиёдни ташкил қилган.
Айни пайтда Ўзбекистонда Грузия капитали иштирокидаги 60 та корхона фаолият юритмоқда. Бу икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг кенгайиб бораётгани ва ўзаро инвестициявий ҳамкорликнинг мустаҳкамланаётганини кўрсатади.

