Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни янада ривожлантириш ва замонавий тўлов хизматларини кенгайтириш мақсадида ягона QR-тўлов тизими UzQR жорий этилди. Янги тизим фойдаланувчиларга исталган банк ёки тўлов иловаси орқали битта QR-код ёрдамида тўловларни амалга ошириш имконини беради.
UzQR тўлов инфратузилмасини такомиллаштириш, нақд пулсиз операциялар улушини ошириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай молиявий хизматларни таъминлашга қаратилган. Тизим банклар ва тўлов ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириб, рақобат муҳитини ривожлантириши кутилмоқда.
Марказий банк маълумотига кўра, UzQR тизими иштирокчилари учун ягона 0,65 фоизлик тариф белгиланган. Ушбу комиссия харидорларга эмас, балки савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарига татбиқ этилади. Шу билан бирга, айрим банклар ёки тўлов ташкилотлари ўз хизмат шартларидан келиб чиқиб қўшимча комиссиялар жорий қилиши мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, UzQRнинг асосий афзаллиги унинг универсаллигида намоён бўлади. Яъни, битта QR-код барча банклар ва тўлов ташкилотларининг мобил иловаларида ишлайди. Бу эса харидорларга қайси иловадан фойдаланишидан қатъи назар, тўловни тез ва осон амалга ошириш имконини яратади.
Бугунги кунда мамлакатда QR-тўловлар бозорида турли ечимлар, жумладан, TezQR, Payme QR, Click QR, Uzum QR, Rahmat ва Paynet каби хизматлар фаолият юритмоқда. Айрим платформаларда савдо корхоналари учун 1 фоиз ёки ундан юқори комиссиялар қўлланилиши кузатилмоқда. Шу жиҳатдан UzQR ягона стандарт асосида ишлайдиган ва турли тўлов иловаларини бирлаштирувчи платформа сифатида аҳамият касб этади.
Таъкидланишича, фуқаролар ўзлари учун энг қулай тўлов усулини мустақил танлаш ҳуқуқига эга. Тўловлар POS-терминаллар, QR-кодлар, мобил иловалар, тўлов ҳаволалари ва бошқа воситалар орқали амалга оширилиши мумкин. UzQR эса мавжуд тўлов инфратузилмасини тўлдирувчи ва турли тизимлар ўртасидаги ўзаро интеграцияни кучайтирувчи замонавий ечим сифатида баҳоланмоқда.

