Президент Шавкат Мирзиёев хусусий касбий таълим тизимини ривожлантиришга бағишланган тақдимот билан танишди. Унда соҳани қўллаб-қувватлаш, малакали кадрлар тайёрлаш имкониятларини кенгайтириш ҳамда меҳнат бозори талабларига мос мутахассисларни тайёрлашга қаратилган қатор ташаббуслар муҳокама қилинди.
Тақдимотда хусусий касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг инновацион ва тадбиркорлик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 5 миллион долларлик венчур жамғармасини ташкил этиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили «касб ваучери» дастурини молиялаштириш учун давлат бюджетидан 20 миллиард сўм ажратиш таклиф этилди. Ушбу механизм аҳолининг турли қатламларига касб-ҳунар ўрганиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Хусусий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида йил якунига қадар уларни жиҳозлаш дастури учун 100 миллион доллар жалб қилиш режалаштирилган.
Соҳани ривожлантириш доирасида хусусий касбий таълим ташкилотлари учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва жиҳозларни божхона божларидан озод қилиш, шунингдек, хорижий ўқитувчилар, мутахассислар ва усталар учун ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз этиб белгилаш таклиф қилинди.
Янги ташаббусларга мувофиқ, хорижий мутахассислар ва юқори малакали ўқитувчиларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи давлат томонидан компенсация қилинади.
Бундан ташқари, миллий ҳамда халқаро миқёсда тан олинадиган касбий малака сертификатларини олиш билан боғлиқ харажатларнинг ярми қоплаб берилиши назарда тутилмоқда. Касбий малакани баҳолаш учун зарур бўлган ускуналар ва дастурий маҳсулотлар харажатларининг 30 фоизи ҳам компенсация қилинади.

