Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Лейбористлар партияси раҳбари ва мамлакат ҳукумати раҳбари лавозимларини тарк этиш ниятини эълон қилди. Бу қарор сўнгги ойларда кучайиб борган сиёсий босим ва партия ичидаги норозиликлар ортидан қабул қилинди.
Лондондаги Даунинг-стрит, 10-уй қаршисида журналистлар олдида чиқиш қилган Стармер лавозимини партия янги раҳбарни сайлагунича сақлаб туришини билдирди. Унинг таъкидлашича, бу ҳокимиятнинг тартибли ва барқарор тарзда топширилишини таъминлашга хизмат қилади.
Стармернинг истеъфо ҳақидаги баёноти Лейбористлар партияси май ойидаги маҳаллий сайловларда кутилганидан анча паст натижа қайд этганидан кейин янгради. Партия ичида ҳам унинг сиёсий йўналиши ва раҳбарлик услубига нисбатан танқидлар кучайиб борган эди.
Кир Стармер 2024 йилги парламент сайловларида Лейбористлар партиясини йирик ғалабага олиб чиққан ва мамлакатда ҳокимият алмашинувини таъминлаган эди. Орадан икки йил ҳам ўтмай, унинг раҳбарликдан кетиш қарори Британия сиёсатидаги муҳим воқеалардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Бош вазир ўз чиқишида ҳукумат раҳбари сифатидаги фаолиятини ҳаётидаги энг фахрли давр деб атади. У ўз даврида Британиянинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, инвестициялар жалб қилиш ва меҳнаткашлар ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича муайян натижаларга эришилганини таъкидлади.
Шу билан бирга, Стармер партиядошлари орасида келгуси умумий сайловларда Лейбористларни бошлаб бориш учун энг муносиб номзод экани борасида саволлар пайдо бўлганини тан олди.
Сиёсий кузатувчилар фикрича, Стармернинг кетиши Лейбористлар партиясида янги раҳбар учун курашни бошлаб бериши мумкин. Айниқса, яқинда ўтказилган махсус сайловда ишончли ғалабага эришган Манчестернинг собиқ мэри Энди Бернэм партия раҳбарлиги учун асосий даъвогарлардан бири сифатида тилга олинмоқда.
Шу тариқа, Буюк Британияда ҳокимият тепасидаги муҳим сиёсий ўзгаришлар даври бошланмоқда ва мамлакатнинг кейинги сиёсий йўналиши партия ичидаги раҳбарлик сайловлари натижаларига боғлиқ бўлади.

