Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида табиат муҳофазасига бағишланган ноёб ташаббуслардан бири давлат томонидан қўллаб-қувватланади. «Оқтепа» сув омбори ҳудудида эколог Александр Федин томонидан яратилган ўрмонзор негизида дендрология боғи ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг экологик масалалар бўйича маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳудудга ташриф буюриб, кўп йиллик меҳнат самараси бўлган яшил ҳудуд билан танишди ҳамда Александр Федин билан мулоқот қилди.
Маълум қилинишича, кўп йиллар давомида шаклланган мазкур ҳудуд бугунги кунда ёввойи ҳайвонлар, қушлар ва бошқа биоxилма-хиллик объектлари учун муҳим яшаш муҳитига айланган. Шу муносабат билан 1500 гектар майдонда дендрология боғини ташкил этиш режалаштирилган.
Ташриф давомида Александр Федин Экология қўмитаси тизимидаги Ўрмон хўжалиги агентлигига ишга қабул қилиниши маълум қилинди. Шунингдек, унинг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги кўп йиллик фаолияти ва хизматлари инобатга олиниб, бўлажак дендрология боғи ҳудудида барча зарур шароитларга эга хизмат уйи қуриб берилиши белгиланган.
Лойиҳа доирасида боғ фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур инфратузилма яратилади. Ходимларни ҳудудни муҳофаза қилиш ва назорат қилиш учун махсус транспорт воситалари билан таъминлаш ҳам режалаштирилган.
Мутахассислар фикрича, дендрология боғининг ташкил этилиши нафақат минтақа биоxилма-хиллигини сақлаш, балки экологик туризмни ривожлантириш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш ва табиатни муҳофаза қилишга қаратилган ташаббусларни кенгайтиришга ҳам хизмат қилади. Мазкур ҳудуд келгусида мамлакатнинг муҳим табиий ва илмий марказларидан бирига айланиши мумкин.

