Тошкент шаҳрида йўл-патруль хизмати ходимлари йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, тўхташ ҳақидаги талабларга бўйсунмаган ҳайдовчини тўхтатиш мақсадида хизмат қуролидан фойдаланди.
Ҳодиса 11 июнь куни кечқурун Яккасарой туманидаги Шота Руставели кўчасида содир бўлган. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, Cobalt русумли автомобилни бошқарган 44 ёшли фуқаро психиатрия муассасасида рўйхатда турган ва даволаниш курсини ўтаётган бўлган.
Қайд этилишича, ҳайдовчи бир неча бор йўл ҳаракати қоидаларини бузган, бир нечта транспорт воситасига шикаст етказган ҳамда ЙПХ ходимларининг тўхташ ҳақидаги талабларига амал қилмаган.
Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳайдовчини огоҳлантириб, автомобил ғилдиракларига қарата ўқ узган. Натижада транспорт воситаси тўхтатилган.
Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи ўқотар қуролдан жароҳат олган. Унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёни Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти назоратига олинган.

