Жиззах вилоятида барпо этилаётган Ўзбекистоннинг биринчи атом электр станцияси майдонида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин иштирокида биринчи энергоблок қурилишига старт берилди. Лойиҳанинг муҳим босқичи ҳисобланган «биринчи бетон» қуйиш маросими атом энергетикаси соҳасида қурилишнинг расман бошланганини англатади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, халқаро амалиётда «биринчи бетон» реактор биносининг фундамент плита қисмига биринчи йирик бетон қуйилиши ҳисобланади. Айнан шу сана халқаро атом статистикасида энергоблок қурилишининг бошланиш нуқтаси сифатида қайд этилади. Бу босқичдан сўнг лойиҳа тайёргарлик ишларидан амалий қурилиш жараёнига ўтади.
Шу вақтга қадар майдонда муҳандислик изланишлари, ер ишлари, инфратузилма тайёрлаш ва қурилиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ишлари амалга оширилган. Энди эса асосий иншоотларни қуриш босқичи бошланмоқда.
Қайд этилишича, Жиззахдаги АЭС лойиҳаси интеграциялашган форматда амалга оширилади. Майдонда кичик қувватли РИТМ-200Н реакторлари ҳамда йирик қувватли ВВЭР-1000 реакторлари жойлаштирилиши режалаштирилган. Бу эса энергия қувватларини босқичма-босқич ишга тушириш ва барқарор электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.
2024 йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳар бири 55 мегаватт қувватга эга кичик модулли реакторлар қуриш бўйича келишувга эришилган эди. Кейинчалик лойиҳа кенгайтирилиб, икки дона ВВЭР-1000 реакторини ўз ичига олган йирик атом электр станциясини қуриш масаласи ҳам кун тартибига қўйилди. Зарур ҳолларда станция қувватини тўртта энергоблоккача кенгайтириш имконияти ҳам назарда тутилган.
«Росатом» маълумотларига кўра, лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, мамлакат электр энергияси эҳтиёжининг тахминан 14 фоизини қоплаш имконини беради. Бу эса Ўзбекистоннинг узоқ муддатли энергетика стратегиясида атом энергетикаси муҳим ўрин эгаллашини англатади.
Мутахассислар таъкидлашича, «биринчи бетон» босқичи кўплаб давлатларда миллий атом дастурларининг амалий бошланиши сифатида баҳоланади. Илгари Бирлашган Араб Амирликлари, Бангладеш, Миср ва Венгрия каби мамлакатларда ҳам атом электр станциялари қурилиши айнан шу босқичдан бошланган.
Шу тариқа, Жиззах вилоятидаги мазкур маросим Ўзбекистон атом энергетикаси тарихида янги саҳифа очди. Энди лойиҳанинг кейинги муваффақияти қурилиш ишларининг сифати, хавфсизлик стандартларига риоя қилиниши ва белгиланган муддатларда амалга оширилиши билан баҳоланади.

