Тошкент шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати ва шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан криптоактивларни ноқонуний айлантириш билан шуғулланган гуруҳ фаолияти фош этилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, гумондорлар ижтимоий тармоқлар орқали инвестиция платформасини тарғиб қилиб, фуқароларга юқори даромад ваъда қилган. Ишончни ошириш мақсадида улар Президент, давлат амалдорлари ҳамда машҳур жамоат арбобларининг тасвирларидан фойдаланган.
Тергов давомида аниқланишича, гумондорлар томонидан амалга оширилган P2P операциялар ва криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси ҳажми 1,5 миллион USDTдан ошган.
Бундан ташқари, схема иштирокчилари 100 дан ортиқ фуқарони алдов йўли билан Қозоғистонга олиб чиққан. У ерда уларнинг номига банк карталари расмийлаштирилиб, кейинчалик криптовалюта операцияларида фойдаланилган.
Тергов жараёнида ушбу жиноий схеманинг ташкилотчилари хорижлик фирибгарлар экани, ижрочилар эса Ўзбекистон фуқаролари бўлгани маълум бўлди.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 278-8-моддаси 3-қисми «а» бандига асосан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.
Ҳозирда гумондорларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

