Жиззах вилоятининг Фориш туманида Ўзбекистондаги биринчи интеграциялашган атом электр станцияси қурилишининг амалий босқичига старт берилди. Лойиҳанинг биринчи энергоблоки пойдеворига рамзий тарзда «биринчи бетон» қуйилди.
Тантанали маросим телемост шаклида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин иштирок этиб, атом электр станцияси қурилишини бошлашга расман рухсат берди. Шунингдек, тадбир қатнашчиларига Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори Рафаэль Гросси табрик йўллади.
Маросим давомида «Ўзатом» агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев ва «Росатом» давлат корпорацияси вакиллари лойиҳани амалга ошириш жараёни ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг давлат раҳбарлари, соҳа мутасаддилари ва талабалар иштирокида рамзий тугма босилиб, биринчи энергоблок қурилишига старт берилди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа мамлакат энергетика тизимини диверсификация қилиш, энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш ва юқори технологияли саноатни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Қурилишнинг бошланишигача бўлган даврда барча зарур рухсатномалар ва лицензиялар расмийлаштирилди. Хусусан, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан RITM-200N русумли реактор қурилмасига эга энергоблокни барпо этиш учун лицензия берилди. Лойиҳа ҳужжатлари миллий қонунчилик ҳамда халқаро хавфсизлик талаблари асосида комплекс экспертизадан ўтказилган.

