Дунёнинг 28 давлатидан ташриф буюрган 20 мингдан ортиқ иштирокчини бирлаштирган Silk Road Uzbekistan баҳорги туркуми якунланди. Бир неча ой давомида Нукус, Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Қўқон шаҳарлари йирик халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиб, оммавий спорт, очиқ ижтимоий мулоқот ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш марказларига айланди.
Лойиҳа бугунги кунда оддий оммавий югуриш мусобақаларидан анча кенгайиб, мамлакатдаги энг йирик спорт ҳаракатларидан бири сифатида шаклланди. У жисмоний фаолликни оммалаштириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва соғлом жамиятни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
17 май куни Тошкентда Silk Road Tashkent ва Talaba Yugur оммавий спорт фестиваллари бўлиб ўтди. Уларда 5 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди. Мусобақаларда профессионал спортчилар, талабалар, югуриш ихлосмандлари, болали оилалар ҳамда хорижий давлатлардан келган меҳмонлар иштирок этди.
Баҳорги мавсумнинг энг муҳим воқеаларидан бири енгил атлетика бўйича 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги III Марказий Осиё чемпионати бўлди. Мусобақа Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасининг янги Olympic стадионида илк бор ташкил этилди. Турнир мазкур аренада ўтказилган биринчи йирик халқаро енгил атлетика мусобақаси сифатида мамлакат спорт инфратузилмаси тарихида янги саҳифа очди.
Чемпионат баҳслари халқаро стандартларга мос келувчи сертификатланган MONDO югуриш йўлакчаларида ўтказилди. Замонавий спорт қопламаси иштирокчиларга юқори натижалар қайд этиш имконини берди ва Ўзбекистоннинг нуфузли халқаро мусобақаларни қабул қилишга тайёрлигини яна бир бор намоён қилди.
Янги Олимпия шаҳарчаси ва Olympic стадиони мамлакатда спорт соҳасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг рамзига айланди. Бугунги кунда республика бўйлаб халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий спорт объектлари барпо этилмоқда.
Туркумнинг якуний босқичи 24 май куни Қўқонда ўтказилган Silk Road Kokand халқаро ярим марафони бўлди. Фарғона водийсининг тарихий шаҳрида 4 мингдан ортиқ иштирокчи стартга чиқди. Марафон йўналиши Хўдойорхон саройи атрофидаги марказий кўчалар ва тарихий ҳудудлар орқали ўтиб, меҳмонларга шаҳарнинг бой маданий мероси билан яқиндан танишиш имконини яратди.
Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири спорт ва туризмни самарали уйғунлаштирганидир. Иштирокчилар мусобақаларга нафақат спорт натижалари учун, балки Ўзбекистон шаҳарларининг тарихи, маданияти ва замонавий ҳаёти билан танишиш мақсадида ҳам ташриф буюрмоқда. Бу эса мамлакатнинг туризм салоҳиятини халқаро майдонда тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Silk Road Uzbekistan баҳорги туркумининг умумий соврин жамғармаси 429 миллион сўмни ташкил этди. Ярим марафон, шунингдек, эркаклар ва аёллар ўртасидаги 5 ва 10 километрлик масофалар ғолиблари ҳамда совриндорлари пул мукофотлари билан тақдирланди. Kids Run болалар стартлари ғолибларига эсдалик совғалари топширилди.
2024 йилдан буён республика бўйлаб амалга оширилаётган Talaba Yugur лойиҳаси ҳам туркумнинг муҳим қисми сифатида иштирок этмоқда. Лойиҳа ёшларни спортга жалб қилиш, фаол турмуш тарзини шакллантириш ва талабалар ўртасида спорт маданиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар, профессионал спортчилар ва ҳаваскорларни бирлаштирган “Инсон учун” инклюзив стартлари ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бир километрлик рамзий масофада ўтказилган мусобақаларда иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратилди. Соврин жамғармаси тўрт тоифа бўйича тақсимланиб, биринчи ўрин соҳиблари 3 миллион сўм, иккинчи ўрин эгалари 2 миллион сўм, учинчи ўрин соҳиблари эса 1 миллион сўмдан мукофот олди.
Туркум Марказий Осиё югуриш ва юриш академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ташкил этилди. Лойиҳада қатор йирик ташкилот ва компаниялар ҳамкор сифатида иштирок этди.
Silk Road Uzbekistan лойиҳасининг навбатдаги босқичи 13 сентябрь куни Хива шаҳрида бўлиб ўтади. Кузги мавсум мамлакатдаги энг йирик оммавий спорт ҳаракатларидан бири сифатида янада кўпроқ иштирокчиларни бирлаштириши кутилмоқда.

