Ўзбекистоннинг технологияларни ҳуқуқий тартибга солиш соҳасидаги тажрибаси Екатеринбург шаҳрида 4 июнь куни очилган XIX Европа–Осиё ҳуқуқий конгресси сессиясида тақдим этилди. Мазкур мавзу бўйича маъруза билан Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори, академик Акмал Саидов иштирок этди.
«Ҳуқуқ ва технологиялар синтези: технологик етакчилик сари» мавзусидаги икки кунлик анжуман Россия Юристлар ассоциацияси ҳамда В.Ф. Яковлев номидаги Урал давлат юридик университети томонидан ташкил этилди.
2007 йилдан буён ўтказиб келинаётган конгресс ҳар йили 20 дан ортиқ хорижий давлатдан 1500 нафардан зиёд иштирокчини бирлаштириб, Евроосиё маконидаги энг йирик ҳуқуқий форумлардан бири ҳисобланади. Унда ЕОИИ, БРИКС+, ШҲТ давлатларидан олимлар ва амалиётчи ҳуқуқшунослар, сиёсатчилар, давлат органлари ва бизнес вакиллари иштирок этади.
Академик Акмал Саидов конгресс қатнашчиларига Ўзбекистоннинг технологияларни ҳуқуқий тартибга солиш ва рақамли трансформация соҳасидаги миллий тажрибасини тақдим этди. Ўзбекистон вакилининг иштирок этиши форумнинг халқаро нуфузи юқори эканини ва ШҲТ ҳамда бошқа Евроосиё интеграцион бирлашмалари доирасида ҳуқуқий ҳамкорлик кенгайиб бораётганини кўрсатади.
XIX сессия доирасида жами 41 та тадбир ўтказилиши режалаштирилган. Улар қаторида Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик қонунчилигини кодификация қилиш ва такомиллаштириш бўйича кенгашнинг сайёр йиғилиши, ялпи мажлис, панель муҳокамалари, давра суҳбатлари, IX Алексеев ўқишлари, БРИКС Ҳуқуқ институти мувофиқлаштирувчи кенгашининг IX сессияси, «Европа–Осиё ҳуқуқ университети» консорциуми иштирокчилари умумий йиғилиши ҳамда V Европа–Осиё ёшлар ҳуқуқий форуми бор.
Ишбилармонлик дастурининг асосий қисми «Техно-регуляторика» стратегик технологик лойиҳасига бағишланган бўлиб, унда ҳуқуқнинг технологик етакчиликни таъминлашдаги ўрни, ахборот-коммуникация технологиялари, сунъий интеллект ва Big Data технологияларини юридик таълим ҳамда амалиётга жорий этиш, шунингдек, ҳуқуқий фаолиятда ижтимоий технологиялардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Конгресс якунлари бўйича European and Asian Law Review расмий тақризланувчи журнали махсус сонини нашр этиш режалаштирилган.

